2 октябр куни кечқурун Украина дронлари Россиянинг Сочи шаҳрига ҳужум қилди. Ҳужумлар Владимир Путин «Валдай» мулоқот клубидаги нутқини якунлаб, шаҳарда бўлган пайтда содир бўлди, деб хабар бермоқда The Moscow Times.
Маҳаллий вақт билан тахминан соат 22:30 Сочи ва Геленжик аэропортлари ёпилган. Ярим соатдан сўнг Сочи шаҳри мэри Андрей Прошунин шаҳарга пилотсиз парвоз қурилмалари ҳужуми хавфи борлигини эълон қилди. Маҳаллий аҳоли Shot’га Қора денгиз устида ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларининг ўт очгани ва сирена овози фонида портлашлар бўлганини хабар қилди. Шунингдек, Сириус федерал ҳудуди раҳбари Дмитрий Плишкин ҳам ушбу ҳудудга учувчисиз учиш аппаратлари ҳужуми хавфи борлигини маълум қилди.
«Барча куч ва воситалар ҳужумни қайтаришга тайёр. Илтимос, хотиржамликни сақланг, деразалардан узоқлашинг ва хавфсиз жойга яширининг», — деб ёзган амалдор ўзининг Telegram-каналида.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2 октябр соат 21:30 дан 3 октябр соат 07:00 гача ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш кучлари Қора денгиз устида 11 та Украина дронини ва Қримда яна 4 та нишонни йўқ қилган. Украина Қуролли Кучлари дронлари ҳужуми бошланганидан тахминан 30-40 дақиқа ўтгач, Сириус ва Сочидаги дронлар хавфи бартараф этилди. Бироқ, Сочи ва Геленжик аэропортларидаги чекловлар етти соат давом этди.
Росавиация хабар беришича, чекловлар амал қилган даврда Сочига парвоз қилаётган 10 та самолёт захира аэродромларга йўналтирилган. Жумладан, Москвадан Сочига келаётган лайнерлардан бири Грознийга қўндирилган. Россия туроператорлари ассоциацияси (АТОР) маълумотларига кўра, жума куни эрталабга келиб Сочи аэропортида 40 дан ортиқ рейс кечиктирилган: уулардан 24 таси учиш ва 20 га яқини қўниш рейслари эди. АТОР таъкидлашича, жорий этилган «Ковёр» режаси парвозларнинг сезиларли даражада кечикишига сабаб бўлган.
Пайшанба куни Путин Сочидаги «Валдай» мулоқот клубининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаган эди. Унинг нутқи ва савол-жавоб қисми деярли тўрт соат давом этиб, тахминан соат 22:00 да якунланган.
Бундан бир ой олдин, 9 сентябрга ўтар кечаси, Украина дронлари Сочидаги «Бочаров ручей» президент қароргоҳи яқинидаги ҳудудга ҳужум қилган эди. Бу зарба Россия Федерацияси Украина ҳудудини кенг миқёсда бомбардимон қилганидан сўнг, натижада Киев марказидаги Украина Вазирлар Маҳкамаси биноси шикастланганидан кейин содир бўлган эди. Ўшанда Кремл вакили Дмитрий Песков Украина Қуролли Кучлари дронлари ҳужуми Путиннинг иш жадвалига таъсир кўрсатмаганини маълум қилган эди.