Ўзбекистонда 2025 йил 15 майдан бошлаб «Work and Travel» халқаро дастурларида қатнашишни режалаштираётган талабалар учун ссуда бериш тизими амалда жорий этилмоқда. Бу ссудалар асосан талабанинг хорижда ишлаш ва саёҳат қилиш билан боғлиқ йўлкира ва бошқа харажатларини қоплашга йўналтирилади.
Ссудалар Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳар йили 2000 нафаргача талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида маблағ ажратилади. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қабул қилинади.
Талабалар хорижий давлатда бўлиш муддати тугагандан сўнг, бир ой ичида ссудани тўлиқ қайтариш мажбуриятини оладилар. Мазкур механизм Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби давлатларга борадиган талабаларга тааллуқли.