Ўзбекистонда аёлларнинг 93 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланмоқда

15:05 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонда аёллар орасида интернетдан фойдаланувчилар улуши 93,1 фоизга етди. Эркаклар ўртасида эса бу кўрсаткич 95,3 фоизни ташкил этмоқда.

Istock 2166473690

2025-йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчи аёллар улуши 93,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Статистик маълумотлар интернетдан фойдаланиш даражаси йилдан-йилга барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади. Хусусан, аёллар орасида 2021 йилда 72,6 фоиз бўлган кўрсаткич 2022 йилда 81 фоизга, 2023 йилда 87,3 фоизга, 2024 йилда эса 92,4 фоизга етган. 2025 йилнинг саккиз ойи натижаларига кўра эса бу кўрсаткич 93,1 фоизга кўтарилди.

Эркаклар орасида ҳам ўсиш динамикаси кузатилган: 2021 йилда 80,6 фоиз бўлган кўрсаткич 2022 йилда 86,9 фоизга, 2023 йилда 90,9 фоизга, 2024 йилда эса 94,2 фоизга етди. Жорий йилнинг январь–август ойлари якунига кўра, уларнинг 95,3 фоизи интернетдан фойдаланмоқда.

Мутахассислар фикрича, бундай ўсиш аҳолида рақамли саводхонликнинг ортиши, интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ва турмуш тарзининг рақамли форматга кўпроқ мослашаётганидан далолат беради.

Маълумот учун, 2025 йил август ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича жаҳон рейтингининг 74-ўрини эгаллади. Шунингдек, жорий йилнинг саккиз ойида интернетдан фойдаланувчи умумий аҳоли улуши 94,2 фоизни ташкил этди.