Куз-қиш мавсумида аҳоли ва корхоналарни узлуксиз электр ҳамда газ билан таъминлаш учун энергетика соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, йил бошидан бери мамлакат бўйлаб 7 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 1 731 та трансформатор пункти янгиланган. Ёзда истеъмол соатига 13,3 GW ни ташкил этган бўлса, қишда бу кўрсаткич 13,5 GW гача кўтарилиши кутилмоқда.
2024 йилда 81,5 млрд kWh электр ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йил якунида 85,5 млрд kWh кўрсаткичга етиши режалаштирилган. Йил охиригача 3 000 MW қувватга эга қуйош ва шамол станциялари, 1 167 MW ли иссиқлик электр станцияси ва 1 500 MW дан зиёд энергия сақлаш тизимлари ишга туширилади.
Газ таъминотида ҳам модернизация ишлари амалга оширилган: 538 км газ қувурлари янгиланди, 951 та тақсимлаш пункти таъмирланди. Суюлтирилган газ етказиб бериш кўлами йил бошидан 464 минг тоннага етган бўлса, йил охиригача яна 199 минг тонна қўшимча етказиб берилади. Шунингдек, 29 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари захираси шакллантирилди.
Вазирликка кўра, эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш учун махсус оператив бригадалар ташкил этилган. Улар зарур техника, материаллар ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, «Миллий электр тармоқлари» раҳбари Дадажон Исақулов 5 октябрга қадар тизим пик юкламаларга тўлиқ тайёр бўлишини айтган эди.