Хитойда дрон шоу фалокатга айланди

22:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитойнинг Хунан провинциясида байрам салюти чоғида дронлар назоратдан чиқиб, томошабинлар устига ёғилди.

Image 2025 10 04 18 21 07

2 октябр куни Луян шаҳрида ўтказилган дронлар иштирокидаги шоу одамлар учун кутилмаган фалокатга айланди. Бир неча сония ичида осмондан қизиб тушган дрон парчалари одамлар устидан ёғила бошлади ва тепалик ёнидаги ўрмонда ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Хитой ОАВлари хабар берди.

Интернетда тарқалган видеоларда одамларнинг қичқириқлари, томошабинлар орасига ва дарахтларга тушаётган ёнғинли парчалар аниқ кўринади. Йўқотишлар ҳақида расмий маълумот берилмаган бўлса-да, воқеа чоқида қўрқув ва саросима кучли бўлгани кўриниб турибди.

Шоу ўтказилган парк маъмурияти ёнғинни «аҳамиятсиз» дея баҳолаб, тезда бартараф этилганини билдирган. Туман ҳокимияти эса ҳеч ким жароҳатланмаганини ва кейинги томошалар белгиланган вақтда ўтказилишини маълум қилган.

Бироқ гувоҳлар расмий маълумотни рад этмоқда. Уларнинг айтишича, ёнғин кучли бўлиб, кичик учқун катта алангага айланган. Томошабинлар орасидаги айрим туристлар ўз таассуротларини ижтимоий тармоқларда баҳам кўриб, воқеанинг асл кўлами катта бўлганини қайд этишган.