Трампнинг солиқ ислоҳоти Конгрессдан ўтди: унинг иқтисодиётга таъсири нимада?

22.05.2025 21:45 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Конгресси 215 га 214 овоз билан Доналд Трамп таклиф этган янги солиқ қонунчилигини қабул қилди. Қонун бизнес ва бой қатлам учун имтиёзларни кучайтириши, давлат қарзини эса яна 4 трлн долларга ошириши мумкин. Унинг таъсири фақат АҚШ иқтисодига эмас, глобал молиявий бозорларга ҳам тега бошлади.

Trump tax

Трамп маъмурияти илгари сурган янги солиқ қонунчилиги АҚШ Конгресси Қуйи палатасида атиги бир овоз фарқи билан қабул қилинди. Қонун ҳозирча Сенатда кўриб чиқилмоқда. Агар қонун Сенатдан ҳам муваффақиятли ўтса, 4 июлга қадар Трамп томонидан имзоланиши мумкин.

Қонун асосан 2017 йилдаги TCJA солиқ ислоҳотини узайтиради. Корпоратив солиқ ставкаси 21 фоиздан 20 фоизга туширилади, кичик бизнес учун солиқ базасини қисқартириш миқдори 23 фоизгача кўтарилади. Жисмоний шахслар учун солиқда кескин ўзгариш бўлмайди, лекин давлат ва маҳаллий солиқлар (SALT) бўйича чегирмалар 10 минг доллардан 40 минг долларгача оширилади.

Бироқ бу ислоҳот федерал бюджетга катта босим ўтказади. АҚШ Конгресси бюджет бошқармаси ҳисобича, 10 йилда бюджет даромадлари 4 трлн долларга камаяди, давлат қарзи эса 3,8 трлн долларга кўпайиши мумкин. Moody’s агентлиги ушбу хавфларнинг фонида АҚШнинг рейтингини Aaa дан Aa1 га туширди.

Қонуннинг ижтимоий оқибатлари ҳам баҳсли. Унинг эвазига Medicaid ва SNAP (озиқ-овқат талонлари) дастурларига киришда чекловлар қўйилади. Бу эса 8–15 млн кишини тиббий ёрдам ва озиқ-овқат кўмагидан маҳрум қилиши  мумкин. Таҳлилчилари бу қонун бойлар даромадини ошириши, камбағаллар даромадини камайтиришини қайд этган.

Қонун қабул қилингани ҳақидаги хабарлар долларнинг тушишига ва рублнинг мустаҳкамланишига олиб келди. Шу билан бирга, АҚШ облигациялари даромаддорлиги ҳам ўсди — 30 йиллик облигациялар 5,15 фоиз даражасигача чиқди.

Инвесторлар эса АҚШ молиявий барқарорлиги бўйича хавотирга тушган.