Нетаняҳу: «Ижтимоий тармоқлар — Исроилнинг асосий қуроли»

22:57 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШдаги қўлловни таъминлаш учун ижтимоий тармоқларни стратегик қурол сифатида тан олди.

Skynews netanyahu israel 4635105

26 сентябр куни Ню Йорк шаҳрида консерватив инфлюенсерлар билан учрашувда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакатнинг АҚШга таъсир кўрсатиш сиёсати ҳақида очиқ баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлар Исроил учун энг муҳим воситага айланган.

Нетаняҳунинг таъкидлашича, TikTok дунёдаги «биринчи рақамли харид» ва ҳозирги пайтдаги «энг муҳим битим» сифатида қаралмоқда. У платформанинг аҳамияти орқали АҚШда, айниқса ўнг сиёсий лагер вакиллари орасида Исроилга нисбатан қўллов кучайтирилишини қайд этди.

Шу билан бирга, у X платформаси билан ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини айтди. «Биз Илон (Маск) билан суҳбатлашишимиз керак. У душман эмас, дўст», — деди Исроил бош вазири. Нетаняҳунинг фикрича, TikTok ва X’ни назорат қилиш Исроилга катта имкониятлар беради.

Бундай баёнот Исроилнинг 2023 йил октябридан бери олиб борилаётган кенг қамровли ахборот уруши ва тарғибот кампанияси мавжудлигини яна бир бор тасдиқлади. Хусусан, Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар билан параллел равишда олиб борилаётган ушбу стратегия орқали Исроил жаҳон жамоатчилиги фикрини шакллантириш ва ўзини ҳимоя қилувчи томон сифатида кўрсатишни мақсад қилмоқда.

Айни пайтда халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Исроилнинг ижтимоий тармоқлардаги таъсир урушини дезинформация ва пропаганда сифатида баҳоламоқда. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу воситалар Исроилга нафақат АҚШ, балки бутун Яқин Шарқ сиёсатида ҳам муҳим устунлик беради.