Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Наманган, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида мансабдор шахсларнинг пора ва тамагирлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Наманган вилояти ҳакамлик суди судьяси Чуст туманидаги нотурар бинога эгалик ҳуқуқи бўйича ҳал қилув қарорини чиқариш учун фуқародан 3200 доллар талаб қилган. Ушбу маблағни қабул қилаётган пайтда судья ашёвий далиллар билан ушланган.
Фарғона вилоятидаги тезкор тадбирда эса Ветеринария ва чорвачилик бошқармаси мутасаддиси фермер хўжалигига гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 500 доллар олган вақтда қўлга олинди. Дастлабки суриштирув давомида мазкур маблағ бошқарма бошлиғи ўринбосарига берилиши аниқланиб, у ҳам 300 долларни қабул қилаётганида ушланган.
Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида МЧЖ раҳбари икки фуқаронинг иш стажини сохталаштириб, пенсия тайинлаш учун 2000 доллар талаб қилган. У келишилган маблағдан 1900 долларни олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Пойтахтда ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Каналлардан фойдаланиш бошқармаси бўлим бошлиқлари икки нафари қурилиш компаниясидан 60 миллион сўмлик жаримани бекор қилиш ва «раҳнамолик» қилиш эвазига 30 миллион сўмни олган вақтларида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.