Навоийда 104 млрд сўмлик ноқонуний криптоайланма фош этилди

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ички ишлар вазирлиги ходимлари бошқа шахслар карталари орқали криптовалюта савдоси билан шуғулланган тўрт нафар фуқарони қўлга олди.

Tezkor tasvir

Навоий вилоятида ноқонуний криптовалюта айланмаси фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Оператив-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази маълум қилди. Таъкидланишича, айбдорлар жами 104 млрд сўмлик (8,62 млн АҚШ доллари) криптовалюта операцияларини амалга оширган.

Текширув «Хавфсиз кибермакон» ва «Долзарб 20 кун» акциялари доирасида олиб борилди. Операцияда Оператив-қидирув департаменти, Киберхавфсизлик маркази, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги ходимлари иштирок этди. Натижада ноқонуний криптоайланмадан даромад олаётган тўрт нафар фуқаро — 1990, 1993, 1998 ва 1999 йилларда туғилган шахслар — қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, улар One Payments ва P2P Trade иловалари орқали ўзга шахсларга тегишли банк карталарини улаб, криптовалютани пулга айирбошлаш билан шуғулланган. Ушбу йўл билан улар 104 млрд сўм айланма амалга ошириб, катта миқдорда ноқонуний даромад топишган.

Қидирув тадбирлари чоғида уларнинг қўлидан 68 та пластик карта, 12 та мобил қурилма, 8 та SIM карта ва 2 та компютер ашёвий далил сифатида олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки тергов текшируви бошланган.

Шунингдек, сентябр ойида Тошкент шаҳрида ҳам шунга ўхшаш жиноят фош этилган эди. Ўшанда гуруҳ аъзолари саккиз ой давомида 180 млрд сўмдан ортиқ миқдорда криптовалюта операцияларини амалга оширгани аниқланган.