30 сентябр куни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳуқуқини гаров сифатида қўйиш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат Lex.uz порталида эълон қилинди. Энди ер участкасини ижарага олган шахслар белгиланган шартлар асосида уни кредит олиш учун гаровга қўйишлари мумкин.
Қарорга кўра, ижарачи ер участкасини гаровга қўйиш учун ер соҳиби розилигисиз ҳам ҳаракат қила олади, агар бу ҳолат қонун ёки ижара шартномасида белгиланган бўлса. Ер соҳиби сифатида туман ва шаҳар ҳокимликлари ёки бошқа ваколатли давлат органлари иштирок этади.
Амалдаги ҳуқуқий асоссиз, субижарада бўлган ёки муддати тугаган ер участкалари гаровга қўйилиши қатъиян тақиқланади. Гаров учун ер ҳуқуқлари аниқ белгиланган ва расмий рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.
Ижарачи гаровга қўйиладиган ер учун ҳужжат тайёрлаш мақсадида «Ўздаверлойиҳа» институтининг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилади. Институт ер участкаси режасини тайёрлаб, унинг гаров сифатида ажратилишини тасдиқлайди. Шу асосда баҳоловчи томонидан ер ҳуқуқининг қиймати аниқланади ва натижалар банкка тақдим этилади.
Банк кредит ажратишда ер ҳуқуқи қиймати ва ижара муддатини ҳисобга олади. Қарз тўлов муддати ер ижара муддати тугашидан камида 5 йил аввал якунланиши шарт. Гаров шартномаси давлат кадастри палатаси филиалида рўйхатдан ўтади. Агар қарздор мажбуриятни бажармаса, банк гаров ҳуқуқини сотувга қўйиш ёки бошқа қонуний йўл билан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу йилнинг сентябр ойида президент Шавкат Мирзиёев ердан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳақидаги фармонни имзолаганди. Унга кўра, мамлакатдаги барча қишлоқ хўжалиги ерлари ижара ҳуқуқига ўтказилади. Ўзбекистон фуқаролари ва улар ташкил этган компаниялар ерни 30 йилгача, хорижий иштирокдаги корхоналар эса 25 йилгача муддатга ижарага олиши мумкин.