Amazon компанияси асосчиси ва дунёдаги энг бой инсонлардан бири Жефф Безос сунъий интеллект соҳасидаги ҳозирги сармоя талотўпини «пуфак» — яъни ортиқча қизиқиш ва сунъий қиймат ортиши деб атади. У бу ҳақда Италияда бўлиб ўтган «Italian Tech Week» форумида сўзлади.
Безоснинг сўзларига кўра, сунъий интеллектга бўлган ҳаддан ташқари руҳланиш туфайли «ҳар қандай тажриба ва ҳар қандай компания яхши ғояларни ҳам, ёмон ғояларни ҳам молиялаштирилмоқда». Bloomberg агентлигининг ёзишича, у айрим стартаплар ҳали тайёр маҳсулотсиз туриб миллиардлаб доллар сармоя олаётганини таъкидлади. «Бундай ажиотаж пайтида инвесторлар учун яхши ғояни ёмон ғоядан ажратиш жуда қийин», — деди Безос.
Шу билан бирга, у сунъий интеллект ҳар бир соҳага таъсир кўрсатишини ва дунёдаги ҳар бир компания самарадорлигини оширишини таъкидлади. Безос бу жараённи 1990-йиллардаги биотехнология соҳасидаги «саноат пуфаги» билан қиёслади. Ўшанда кўплаб компаниялар касодга учраган бўлса-да, натижада инсон ҳаётини сақлаб қоладиган бир нечта муҳим дори воситалари яратилганини эслатди.
«Бундай саноат пуфаклари фойдали ҳам бўлиши мумкин: вақтинча ғалаён пасайганда, ҳақиқий ютуқлар аниқ кўринади. Жамият бу кашфиётлардан фойда кўради», — деди Безос CNBC телеканалига берган изоҳида. Унинг фикрича, СИнинг ижтимоий фойдаси улкан бўлади.
Сунъий интеллект атрофидаги «пуфак» ҳақида илгари ҳам йирик тадбиркорлар огоҳлантирган эди. OpenAI раҳбари Сэм Алтман август ойида «ақлли одамлар ҳам баъзан ҳақиқат уруғини ортиқча баҳолайди», деган эди. У ҳам СИ соҳасида сармоядорларнинг ҳаддан ташқари ҳаяжонга тушганини тан олган.
Бошқа миллиардер — Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск эса июл ойида СИ «кўпчилик одамлардан ақллироқ даражага етиб бўлгани»ни айтди. Forbes маълумотига кўра, Маскнинг бойлиги 481,9 млрд, Безосники эса 235,4 млрд долларни ташкил этади.