Жорий йил 4–8 октябр кунлари Германиянинг Кёлн шаҳрида дунёдаги энг йирик озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотлари кўргазмаси — «Anuga-2025» бўлиб ўтмоқда. Бу нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда, деб хабар беради Савдо саноат палатаси.
Ўзбекистондан 30 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи компания «Made in Uzbekistan» миллий бренди остида ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Делегация таркибига озиқ-овқат саноати, қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва упаковка соҳасида фаолият юритаётган етакчи корхоналар киради. Тадбир Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ кўмагида ташкил этилган.
«Anuga» кўргазмаси ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва жаҳон озиқ-овқат саноатида энг муҳим халқаро платформа ҳисобланади. Бу йилги тадбирда 110 дан зиёд давлатдан 8 мингга яқин иштирокчи қатнашмоқда. Экспозициянинг умумий майдони 290 минг квадрат метрни ташкил этади, меҳмонлар сони эса 200 га яқин мамлакатдан 140 минг нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда.
Ўзбек ишлаб чиқарувчилари кўргазма доирасида ўз маҳсулотларини халқаро бозорга тақдим этиш билан бирга Германия ва бошқа давлатлар бизнес доиралари билан янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқдалар.
Бу иштирок Ўзбекистон миллий ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда «Made in Uzbekistan» брендини жаҳон бозорида янада кенг тарғиб этишга қаратилган.