Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 октябр куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Тожикистон халқига фаровонлик ва бардавом равнақ тилаган. Давлат раҳбари Тожикистон Президентининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини оширишдаги ўрнини қайд этиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий-гуманитар алмашинув каби устувор йўналишларни қамраб олган амалий ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакатда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ва кун тартиби ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда Тожикистоннинг Данғара туманида туғилган. Бугун у 73 ёшга тўлди.