Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 6–7 октябрь кунлари амалий ташриф билан Озарбойжонда бўлади. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
Саммит Озарбойжоннинг Габала шаҳрида «Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик» мавзусида бўлиб ўтади. Йиғилиш кун тартибида Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича долзарб масалалар муҳокама этилади.
Саммит доирасида сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилади. Шунингдек, давлат ва ҳукумат раҳбарлари халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари бўйича фикр алмашадилар.
Президент Мирзиёевнинг мазкур саммитдаги иштироки Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва интеграция жараёнларини янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Саммит якунларида ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Туркий давлатлар ташкилоти — минтақавий ҳамкорликнинг муҳим институционал майдони бўлиб, у аъзо мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашни мақсад қилади.