Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) сентябр ойидаги янгиланган иқтисодий прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич апрел ойида берилган прогноз билан бир хил. ОТБ маълумотига кўра, мамлакат шундай ўсиш суръати билан Осиёдаги саккизинчи энг тез ривожланаётган иқтисодиёт сифатида қайд этилмоқда.
Қитъада энг юқори ўсиш Кук оролларида кутилмоқда, ундан кейин 8,3 фоиз ўсиш билан Қирғизистон иккинчи ўринда туради. Тожикистон 7,4 фоизлик кўрсаткич билан бешинчи, Қозоғистон эса 5,3 фоизлик ўсиш билан рўйхатнинг ўрта қисмида бўлиши тахмин қилинган.
Шу билан бирга, таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон иқтисодиёти белгиланган прогноздан юқори ўсиши эҳтимолдан холи эмас. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот 7,2 фоизга ўсди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоиз бандга юқори. Экспертлар айни пайтда ялпи талаб пасайиши ёки ўсиш суръатининг секинлашишига оид ҳеч қандай сигнал мавжуд эмаслигини таъкидламоқда, деб ёзади иқтисодчи Миркомил Холбоев.
Шунингдек, олтин нархи ўсишда давом этмоқда — йилнинг дастлабки саккиз ойида 8,5 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Бу ҳам иқтисодий фаолликнинг барқарорлигини кўрсатади.
Шу сабабли, йил сўнгида иқтисодий ўсиш 7,2 фоиз атрофида шаклланиши эҳтимоли катта. Агар бу прогноз амалга ошса, Ўзбекистон Осиёда энг тез ўсиб бораётган олтинчи иқтисодиётга айланиши мумкин.