Таълим ва фан департаменти вакилларининг айтишича, бу қарор минтақадаги 303 та таълим муассасаси томонидан ички ҳужжатлар орқали мустақил равишда қабул қилинган. «Мониторинг ўтказилди, маҳаллий актлар ўқув йили давомида босқичма-босқич тасдиқланади», — дейилган расмий баёнотда.
Таъкидланишича, тақиқ барча турдаги бош кийимларга — рўмол, дўппи, шляпа ва бошқа аксессуарларга ҳам тааллуқли. Департамент мактаблар ушбу қарорни ота-оналар кенгашлари ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилганини қайд этган.
Ота-оналар болани мактабга қабул қилишдан олдин ташқи кўриниш қоидалари билан танишиб, уларни имзолайди. Агар рози бўлмаса, бола учун бошқа ўқув шаклини — масалан, оилавий таълимни танлашлари мумкин, деб билдирилган Югра ёшлар сиёсати департаменти баёнотида.
Бу каби тақиқ илк бор жорий қилинмаётгани таъкидланмоқда. 2024 йил октябр ойида Владимир областида ҳам ҳижоб ва ниқобда мактабга келиш ман этилган эди. Расмийлар буни Россиянинг дунёвий давлат экани билан изоҳлаб, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ҳамда «Таълим тўғрисида»ги қонунларга тўлиқ мос деб ҳисоблашган.
Владимир област губернатори ўринбосари Владимир Куимовнинг таъкидлашича, бундай тақиқ мактабларда диний кийимлар туфайли келиб чиққан ўқувчилар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш учун жорий этилган.
Шу тариқа, Россия мактабларида диний кийимларга нисбатан чекловлар географияси кенгаймоқда. Расмийлар буни таълимнинг дунёвий тамойилларини мустаҳкамлаш билан изоҳлаётган бўлса, фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу чорани диний эркинликни чеклаш сифатида баҳоламоқда.