Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров мамлакатнинг энг юқори мукофоти — «Чечен Республикаси Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. «Олтин юлдуз» медали унга Грозний шаҳрида янги ҳукумат мажмуасини очиш маросими пайтида республика ҳукумати раиси Магомед Даудов томонидан топширилди.
Расмий маълумотга кўра, Қодиров ушбу унвонга давлат олдидаги катта хизматлари, халққа садоқат билан хизмат қилгани, шахсий жасорати ҳамда республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси учун сазовор бўлган.
Магомед Даудов ўзининг Телеграм каналида бу унвонни «чечен халқи ўз муносиб фарзандига билдирган чуқур миннатдорлик ва юксак эҳтиром белгиси» деб атади. Унинг таъкидлашича, Рамзан Қодиров «Ахмат ҳожи Қодиров ишини шараф билан давом эттириб, республикага тинчлик ва барқарорлик олиб келди».
«Чеченистон Республикаси Қаҳрамони» унвони 2022 йил ноябрида таъсис этилган бўлиб, мукофот 750 пробали олтиндан ясалган саккиз қиррали юлдуз кўринишидаги 70 граммлик медалдан иборат. Медалнинг юз қисмида «Қъонах» («Қаҳрамон») сўзи ва « Ахмат — куч. Аллоҳу акбар» шиори ёзилган.
«Вёрстка» нашри маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши тўлиқ масштабли уруши бошланганидан бери Рамзан Қодиров ва унинг оила аъзолари камида 146 та турли мукофот билан тақдирланган. Улардан 82 таси республика ичидаги орден ва медаллар бўлиб, Қодировнинг ўзи сўнгги 41 ойда 31 та мукофот олган.