5 октябрь куни тонгда Россиянинг Нижний Новгород областида жойлашган «Лукойл-Нижегороднефтесинтез» нефт қайта ишлаш заводига дронлар ҳужум қилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ва телеграм-каналлар хабар берди. Манбаларнинг маълум қилишича, ҳужум тунги соат 02:30 атрофида амалга оширилган.
Кстово шаҳри аҳолиси саноат ҳудудидан камида тўрт марта кучли портлаш овозини эшитганини маълум қилди. Завод томонида ёрқин аланга ва қоп-қора тутун кўринган. Ҳодиса жойига ёнғин хавфсизлиги хизматлари ва қутқарувчилар жалб этилган.
Маълумотларга кўра, «Лукойл»нинг ушбу корхонаси Россиядаги тўртинчи йирик нефт қайта ишлаш мажмуаси ҳисобланади. Завод йилига тахминан 17 млн тонна нефтни қайта ишлайди ва 50 дан ортиқ турдаги нефт маҳсулотларини — авто, авиа ва дизель ёқилғилари ҳамда битум ишлаб чиқаради.
Кстоводаги мазкур корхона Украина билан чегарадан тахминан 800 километр узоқликда жойлашган. Ҳозирча Россия томони ҳодиса ҳақида расмий изоҳ бермаган, портлаш оқибатида жабрланганлар ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Кузатувчилар таъкидлашича, сўнгги ойларда Россиянинг турли ҳудудларидаги саноат инфратузилмалари, хусусан, энергетика ва нефт қайта ишлаш объектларига дрон ҳужумлари кескин кўпайган. Бунинг оқибатида Россияда бензин танқислиги келиб чиқмоқда.