Ўзбекистонда 8 ойда истеъмолчиларга 906 млрд сўмдан ортиқ кэшбек тўланди

10:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Жорий йилнинг январь—август ойларида Ўзбекистон фуқароларига жами 976 мингта харид чеки бўйича 906,6 млрд сўм миқдорида кэшбек қайтарилди.

44eaba597cf1c1d1a15a4abf18bb6fb20904

Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, фуқароларга 8 ойда тўланган кэшбек миқдори 900 млрд сўмдан ошиб кетган. Фақат август ойининг ўзида (26 сентябр ҳолатига) 121,8 млн чек учун 99,8 млрд сўмдан ортиқ кэшбек қайтарилган.

Амалдаги қонунчиликка биноан айрим ҳолатларда кэшбек ҳисобланмайди. Жумладан, тадбиркорнинг 1 млн сўмдан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлса, солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган бўлса, чек маълумотлари нотўғри кўрсатилса ёки солиқ ахборот тизимига юборилмаган бўлса, кэшбек тўланмайди. Шу сабабли фақат август ойида 35 млн чек бўйича 38 млрд сўм кэшбек рад этилган.

Қонунга кўра, кэшбек истеъмолчи томонидан онлайн НКМ орқали «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кейин тўлаб берилади. Тадбиркорлик субъектлари ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиши ва қарздорликни камайтириши жараёни реал вақтда кузатиб борилади.

Истеъмолчи «Солиқ» иловаси орқали қайси чек бўйича кэшбек рад этилгани ёки тасдиқланмаганини осон билиб олиши мумкин.

Кэшбек олишга ойлик чегаралар ҳам белгиланган:

1 фоиз кэшбек — ойлик харид суммаси БҲМнинг 60 баравари (24 млн 720 минг сўм)дан ошмаган ҳолларда 247 минг 200 сўмгача;

12 фоиз кэшбек — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги шахслар учун БҲМнинг 10 бараваригача (4,12 млн сўм) харидда 441 минг 428 сўмгача.

Мазкур тизимдан кўзланган мақсад нафақат чек талаб қилишни рағбатлантириш, балки иқтисодий шаффофликни кучайтириш ва солиқ тушумларини оширишдир.