Ховос тумани ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди

11:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари ва вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси туман бўлими мутахассиси фермердан пора олаётганида ушланди.

Pora

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, мансабдорлар чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигини келгуси йил шоли етиштириш режасига киритиш ва текширувлардан ҳимоя қилиш баҳонасида жорий йил июн ойида фермердан 10 минг доллар талаб қилиб олган.

Шунингдек, ҳоким ўринбосари кейинроқ фермерни ер майдони давлат захирасига олиниши ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг доллар талаб қилган.

Прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда улардан бири 10 минг долларни воситачи орқали олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ва мутахассисга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона вилоятида давлат солиқ идораси ходими тадбиркордан ер майдонини расмийлаштириш учун 30 минг доллар пора талаб қилган.