«Huggies» товар белгисини ноқонуний ишлатган компанияга жарима қўлланилди

11:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси «Ahangaron Hygienic Pro» МЧЖнинг «Huggies» товар белгисидан рухсатсиз фойдалангани учун компанияга нисбатан молиявий жарима қўллади.

Huggies

Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига «Kimberly-Clark» корпорацияси томонидан берилган мурожаатда компанияга тегишли «Huggies» товар белгисидан бошқа корхона — «Ahangaron Hygienic Pro» МЧЖ ноқонуний фойдаланиб келаётгани устидан арз қилинган.

Текширув натижасида «Ahangaron Hygienic Pro» ҳақиқатдан ҳам «Huggies» брендини рухсатсиз ишлатгани ва бу билан товар белгиси соҳиби обрўсига салбий таъсир кўрсатгани аниқланган.

Шундан сўнг ҳудудий бошқарма ҳузуридаги Махсус комиссия томонидан мазкур корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, «Рақобат тўғрисида» ҳамда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари бузилгани бўйича қарор қабул қилинган.

Комиссия қарорига кўра, «Ahangaron Hygienic Pro» МЧЖга молиявий жарима қўлланилиб, қонунбузарлик ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бундай хатоларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.