Россия экспортчилари учун валюта тушумини сотиш талаби яна бир йилга узайтирилди

08:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия ҳукумати йирик экспортчилар учун валюта тушумини маҳаллий бозорда мажбурий сотиш талабини 2026 йилгача узайтирди. Мақсад — ички валюта бозорида барқарорликни таъминлаш.

Valuta tushumi

Россия бош вазири Михаил Мишустин 22 май куни йирик экспортчиларни чет эл валютаси тушуминининг бир қисмини сотишга мажбурловчи қонун талабини яна бир йилга узайтириш ҳақидаги қарорни имзолади. Бу талабга кўра, экспортчилар чет эл шартномалари бўйича тушган валютанинг камида 40 фоизини ваколатли банклардаги ҳисоб рақамларига қайтариши ва шундан 90 фоизини ички бозорда сотиши лозим.

Ҳукумат бу қарорни ички валюта бозорига барқарор ва кутилган валюта оқимини таъминлаш воситаси сифатида баҳоламоқда. Ушбу талаб 2025 йил 25 майдан кучга киради. Аввалги қарор 2024 йил 30 апрелгача амал қилган эди.

2023 йил октябрда Россия ҳукумати рублни қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим экспортчилар учун валютанинг 80 фоизини репатриация қилиш ва сотиш талабини жорий этган эди. Кейин бу талаб босқичма-босқич юмшатилиб, аввал 60 фоизга, сўнгра 40 фоизга туширилди.

Россия Марказий банки ва Молия вазирлиги ушбу чорага қарши турлича муносабатда бўлмоқда. Марказий банк раҳбари Элвира Набиуллина валюта бозорида муаммо кўрмаётганини ва бу талаблар курсга таъсир қилмаслигини таъкидлади. Молия вазири Антон Силуанов эса экспортчилар амалда талаб этилгандан ҳам кўпроқ валюта сотишини қайд этди.

Айни вақтда бу чекловлар ёпиқ шаклда 43 гуруҳ компанияга нисбатан қўлланилади. Улар асосан ёқилғи-энергетика, металлургия, кимё, ўрмон ва ғаллачилик соҳаларида фаолият юритади. Ҳукумат, шунингдек, ушбу қарор ва қайси компанияларга тегишли эканини ошкор қилмаган.