Эски Тоштурма ўрнига хиёбон қурилишига оид Ҳукумат фармойиши бажарилмагани юзасидан сенатор Сайёра Абдикаримова Тошкент ҳокими Умурзоқовга сўров йўллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 мартдаги 220-ф-сонли фармойишига асосан, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Наманган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси — «Эски Тоштурма» ҳудуди шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган эди. Ҳужжатга мувофиқ, бу ерда замонавий дам олиш маскани — хиёбон қуриш вазифаси белгиланган.
Бироқ ортидан етти йил ўтишига қарамай, фармойишда кўзда тутилган вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмаган. Ҳозирда ҳудуд қаровсиз ҳолатда қолгани, айрим хусусий қурилиш компаниялари эса ер майдонидан шахсий манфаатларда фойдаланишга уринаётгани аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Сенатнинг Агросаноат, сув хўжалиги ва экология масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов номига расмий сўров йўллади. Унда сенатор ҳокимдан ҳудуднинг ҳозирги аҳволи, фармойиш ижросининг кечикиши сабаблари ва хиёбон қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида асосли маълумот тақдим этишни сўраган.
Масала юзасидан Сенат томонидан жамоатчилик назорати кучайтирилиши кутилмоқда. Ободонлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлашни кўзда тутадиган мазкур лойиҳа амалга оширилса, Юнусобод аҳолиси учун янги дам олиш маскани пайдо бўлади.