Amu.TV хабар беришича, у 24 сентябр куни «бизнесдаги рақобатчиларининг кўплаб шикоятларидан сўнг» ҳибсга олинган ва «350 минг долларлик гаров пули киритилганига қарамай» ҳалигача қамоқда сақланмоқда.
Аббос Иброҳимзода — миллати ҳазора бўлган тадбиркор ва сиёсатчи. У 1990-йиллар бошидан Афғонистоннинг энг йирик бизнесменларидан бири сифатида танилган. 1992 йилда Покистон ва Япония маҳсулотларини Ўзбекистонда сотиб, бу ердан доллар олиб чиқиш билан шуғуллангани учун «Аббос доллар» лақабини олган. Кейинроқ Душанбедаги «Садбарг» савдо марказида ҳам фаолият юритган.
Унинг валюталар билан боғлиқ фаолияти беш йил давом этган. Кейинчалик у Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёқилғи, газ, ўғит ва қурилиш материалларини етказиб бериш билан шуғулланган. Топган маблағлари ҳисобига Балх ва Қобулда университетлар ҳамда техника ва тиббиёт коллежларини қурдирган, бутун мамлакат бўйлаб 30 та мактаб барпо этган.
Иброҳимзода асос солган Ibrahimzada Group йигирмадан зиёд компанияни бирлаштиради. У Балхдаги хусусий телеканални назорат қилади ва таълим ҳамда хайрия соҳаларига сармоя йўналтиради. Толиблар ҳокимиятни эгаллаганидан кейин у Туркияда яшай бошлаган, кейин эса Тошкентга кўчиб келгани маълум, аммо аниқ сана ошкор этилмаган.
Сўнгги тўрт йил ичида у Ўзбекистон иқтисодиётига, асосан транспорт ва ун саноатига 50 млн доллардан ортиқ сармоя киритгани айтилмоқда. 2023 йилда Толиблар унинг Афғонистондаги 19 та тижорат объектини, жумладан, ёқилғи қуйиш шохобчалари, шифохоналар, телеканал ва савдо марказларини мусодара қилган.