7 октябр куни Ой ўзининг перигей нуқтасига етиб, Ер марказидан 360 минг километрдан ҳам яқинроқ масофада бўлиб, Ойнинг диаметри каттароқ ва ёрқинлиги юқорироқ кўринади. Бу масофа Ойнинг Ердан энг узоқда бўладиган нуқтасидан 14 фоиз яқинроқдир, деб хабар бермоқда ТАСС агентлиги.
Астрономлар таъкидлашича, «Супер Ой»ни кузатиш учун энг қулай вақт — кечқурунги соатлар бўлиб, Ой осмонда катта ва жуда равшан кўринади. 8 октябр куни Ой бироз узоқлашади, 23 октябрга келиб эса Ердан 406 минг километрдан ортиқ масофага чекинади.
Октябр ойи осмон кузатувчилари учун яна бир неча астрономик ҳодисаларни тақдим этади. 13 октябр куни Ой Юпитер билан, 19 октябрь тонгда эса осмондаги энг ёрқин сайёра — Венера билан яқин бурчакда кўринади. Бу ҳолатлар оддий кўз билан ҳам ёрқин тарзда кузатилиши мумкин.
Бундан ташқари, ой давомида Сатурнни кузатиш учун ҳам қулай шароит яратилади. 20 каррали катталаштиришда унинг ҳалқалари кўринади, 100 мм телескоп эгалари эса унинг йирик йўлдоши — Титанни томоша қилиш имконига эга бўлади.
Октябр осмонида, шунингдек, икки комета — C/2025 A6 Lemmon ва C/2025 R2 Swan ҳам кўринади. Биринчиси шимолий ғарб, иккинчиси жанубий ғарб қисмида кузатилади. 21 октябр куни эса Орионидлар метеор оқими авжига чиқиб, ҳар соатда 5 та юлдуз ёғдини кўриш мумкин бўлади.