Эверестда мингга яқин сайёҳ қор бўронида қолди

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Тибетдаги Эверест тоғининг шарқий етакларида кучли қор ёғиши натижасида қарийб 1000 нафар сайёҳ лагерларда қамалиб қолди.

Everest

Ҳодиса 4900 метр баландликда содир бўлган бўлиб, маҳаллий аҳоли ва қутқарувчилар ёрдамида қор босган йўллар очилмоқда. Reuters агентлиги маълум қилишича, ҳозирда 350 киши хавфсиз ҳудудга — Қуданг шаҳарчасига эвакуация қилинган. Қор бўрони 3 октябр куни кечқурун бошланиб, Эверестнинг машҳур шарқий қисмида янада кучайган.

«Намлик ва совуқ жуда кучли эди. Гипотермия хавфи юқори бўлди. Бу йилги об-ҳаво одатдагидек эмас. Йўлбошчимиз октябр ойида бундай ҳолатни ҳеч қачон кўрмаганини айтди», — деди эвакуация қилинган сайёҳ Чен Гешуан.

Хитой ОАВ ёзишига кўра, «Blue Sky Rescue» қутқарув гуруҳига Тибетдан кўплаб чақирувлар келиб тушган. Уларга кўра, баъзи сайёҳлар совуқдан азият чекаётган, айрим лагерларда эса чодирлар ағдарилган. Тингри туманидаги туризм компанияси Эверест ҳудудига ташрифлар ва чипта сотишни вақтинча тўхтатган.

Бу орада қўшни Непалда ҳам кучли ёмғир оқибатида кўчки ва сув тошқинлари юз бериб, камида 47 киши ҳалок бўлган. Эверест тоғининг баландлиги 8849 метрни ташкил этади ва ҳар йили минглаб одамлар уни забт этишга ҳаракат қилади, аммо бу жуда хавфли саёҳат ҳисобланади.