Непалда кучли ёмғир 44 кишининг умрига зомин бўлди

18:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Непалда узлуксиз ёмғир оқибатида келиб чиққан кўчки ва сув тошқинлари натижасида 44 киши ҳалок бўлди.

Nepal

CNN маълум қилишича энг катта талофот мамлакатнинг Ҳиндистон билан чегарадош Иллам туманида кузатилган. Бу ерда бутун бошли қишлоқлар кўчки остида қолган ва шу ҳудуднинг ўзида 37 киши ҳалок бўлган. Иллам чой етиштириш билан машҳур бўлиб, 3 октябрдан бери бу ҳудудда ёмғир тўхтамай ёғмоқда. Бир оиланинг 6 аъзоси ухлаб ётган вақтда уйлари кўчки остида қолиб ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Қутқарув ишларига кўчкилар ва сув босган йўллар тўсиқ бўлмоқда. Кўпгина йўллар бутунлай йўқолган, айрим жойларда ҳаракат хавфсизлик нуқтаи назаридан чекланган. Ҳукумат вертолётлар ёрдамида аҳолини эвакуация қилмоқда, ҳарбийлар эса одамларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш билан шуғулланмоқда.

Ҳукумат маълумотига кўра, бир киши қўшни туманда кўчки оқибатида, 3 киши чақмоқ уришидан ва яна 3 киши сув тошқинларидан ҳалок бўлган. Мамлакатнинг шарқий ва марказий ҳудудларида 6 октябргача кучли ёмғир хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган.

Пойтахт Катмандуни бошқа ҳудудлар билан боғловчи йўллар ҳам ёпилган. Йўл ҳаракати асосан Дашайн байрами олдидан юзага келган тирбандликлар туфайли янада оғирлашган. Ҳукумат кучли ёмғир сабабли 6 октябргача умумхалқ дам олиш кунини эълон қилди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Непал халқига ҳамдардлик билдириб, мамлакатга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Непал ҳукумати бу таклифга ҳозирча жавоб бермаган.