Президентнинг «Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида янги лавозим — мактаб маслаҳатчиси жорий қилинади. Бу мақсадда 3 400 та штат бирлиги ажратилади.
Ҳозиргача директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари синфлар сонига қараб 0,5 ёки тўлиқ ставкада ишлаб келган бўлса, энди бу лавозим барча мактабларда ягона асосда — тўлиқ ставкадаги мактаб маслаҳатчиси билан алмаштирилади. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб 0,5 ставкада ишловчи ўринбосарлар лавозими тугатилади.
Мазкур қарорга кўра, мактаб маслаҳатчисининг маоши директор ўринбосари маошига тенглаштирилади. Шунингдек, менежерлик сертификатига эга бўлган маслаҳатчиларга 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида қўшимча устама тўланади.
Янги тизимда мактаб маслаҳатчилари маънавий-маърифий ишлар билан бирга ўқувчиларнинг ижтимоий кўникмаларини шакллантириш, етакчилик ва ижодий фаоллигини ривожлантиришга масъул бўлади. Улар мактаб психологи, маҳалла ва ота-оналар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг шахсий ривожланишига кўмаклашади.
Шу орқали таълим муассасаларида ўқувчиларнинг хулқ-атвори, ижтимоий фаоллиги ҳамда маънавий дунёқарашини илғор халқаро тажриба асосида баҳолаш ва ривожлантириш тизими жорий этилади.