2025 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик олимлар Мэри Брункоу, Фред Рамсделл ҳамда япониялик Шимон Сакагучига топширилди. Улар «периферик иммунологик толерантлик бўйича кашфиётлар учун» мукофотга лойиқ деб топилди, деб хабар берди Нобел қўмитаси.
Қўмитанинг баёнотига кўра, лауреатлар иммунитет тизимидаги «қўриқчи» ҳужайралар — регулятор Т-ҳужайраларни аниқлашга муваффақ бўлган. Ушбу ҳужайралар инсон танасида иммунитетнинг ўз тўқималарига ҳужум қилиб, касаллик келтириб чиқаришининг олдини олади. Бу кашфиёт иммунологик толерантликни ўрганишда янги йўналиш очди.
Тадқиқот натижалари саратон ва аутоиммун касалликларини даволаш усулларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, бу илмий ишлар трансплантация жараёнларининг самарадорлигини ошириш имконини ҳам беради. Нобел қўмитаси айтишича, мазкур усуллардан айримлари ҳозирда клиник синов босқичида синаб кўрилмоқда.
2024 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик олимлар Виктор Эмброс ва Гэри Равкунга микроРНКларни кашф этгани ва уларнинг ген фаолиятидаги ролини аниқлагани учун берилган эди.
Анъанавий тарзда «Нобель ҳафталиги» тиббиёт соҳаси билан бошланади. Жорий йилда 7 октябр куни физика, 8 октябр куни кимё, 9 октябр куни адабиёт бўйича лауреатлар маълум бўлади. Тинчлик мукофоти 10 октябрда, иқтисодий фанлар бўйича мукофот эса 13 октябрда эълон қилинади. Барча ғолиблар 10 декабр куни Швециянинг Стокголм шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимда тақдирланади.