Ўзбекистон «яшил» облигациялар ва исломий молия бозорига чиқишни режалаштирмоқда — Bloomberg

20:22 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ташқи қарз тузилмасини диверсификация қилиш мақсадида ESG облигациялар ва исломий молия инструментларини жорий этиш бўйича ишлар бошлади.

Bloomberg

Марказий Осиёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти бўлмиш Ўзбекистон ташқи қарзни диверсификация қилиш ва янги молия манбаларини кенгайтириш мақсадида ESG ва исломий молия соҳаларига йўналмоқда. Мамлакат доллар облигациялари жорий йил бошидан буён деярли 14 фоизлик даромад қайд этди. Бу Bloomberg кузатувидаги ривожланаётган бозорлар ўртача кўрсаткичи — 10 фоиздан юқори, деб ёзади нашр.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат 2016 йилдан кейин жаҳон молия бозорларига очилиб, эркин валютани жорий этди ва олтин нархининг ўсиши орқали иқтисодий фаолликни кучайтирди.

Ўзбекистон 2024 йил май ойида 600 млн евро миқдорида, кейинроқ яна 500 млн евролик барқарор ривожланиш облигацияларини жойлаштирди. 2023 йилда эса миллий валютадаги «яшил» облигациялар чиқарган эди. Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Қаршибоевнинг маълум қилишича, ҳукумат ESG молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда бу соҳада мунтазам ҳисоботлар тайёрлашни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, исломий молия йўналишида ҳам қонунчилик базасини яратиш ишлари бошланган. Қаршибоевнинг таъкидлашича, бу йўналиш Ўзбекистон учун янги имкониятларни очади ва глобал сармоядорлар қизиқишини оширади.

Мамлакат ялпи ички маҳсулоти жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 7,2 фоизга ўсди. Ҳукумат 2030 йилгача ЯИМни икки бараварга ошириб, 200 млрд долларга етказишни мақсад қилган. Шунингдек, хусусийлаштириш дастури ва облигациялар орқали хорижий сармояни жалб этиш ишлари давом этмоқда.

Ҳукумат қарз тузилмасини диверсификация қилишга ҳам эътибор қаратмоқда: ҳозирги пайтда унинг тахминан 65 фоизи АҚШ долларида, 10 фоиздан ортиғи сўмда, қолган қисми евро, йена ва юань каби валюталарда.

Қаршибоевга кўра, ички молия бозорини ривожлантириш Ўзбекистон учун энг ишончли маблағ манбаи бўлиб қолмоқда.