Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 20 фоизга пасайди — hh.uz

08:02 | 5 дақиқада ўқилади.

hh.uz маълумотларига кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида мамлакат бўйлаб таклиф этилаётган маошлар ўртача 4,36 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайган.

Median oylik

Жорий йил июл—сентябр ойларида Ўзбекистонда иш берувчилар томонидан 33 мингдан зиёд фаол вакансия жойлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 24 фоиз кўп, деб ёзмоқда Spot.uz нашри hh.uz ишга жойлашиш платформаси маълумотларига асосланиб.

Энг кўп иш таклифлари ҳали ҳам Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда, аммо унинг улуши 81,9 фоизгача тушган (2024 йилда 90 фоиздан ортиқ эди). Жиззахда иш таклифлари 1,5 баробарга, Наманганда 49 фоизга, Андижон, Фарғона, Бухоро ва Самарқандда эса 40 фоиздан кўпроқ ошган. Шунга қарамасдан, Самарқанднинг умумий улуши 4,8 фоизни, бошқа шаҳарларники эса 1,6 фоиздан ошмаган.

Маошлар бўйича эса мамлакат бўйлаб медиан кўрсаткич 4 млн 362 минг сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 20,2 фоизга кам. Тошкентда ўртача иш ҳақи 5,08 млн сўм бўлиб, деярли 41 фоизга тушган. Энг катта маош ўсиши Андижонда (+25 фоиз) ва Фарғона ҳамда Самарқандда (+2,7 фоиз) қайд этилган. Энг катта пасайиш Навоийда (2 баробарга), Қаршида (–92,3 фоиз) ва Чирчиқда (–21,6 фоиз) кузатилган.

Энг юқори маошли соҳалар қаторидан юқори ва ўрта менежмент (8,94 млн сўм), юриспруденция (6,5 млн сўм), автосаноат (6,48 млн сўм), қишлоқ хўжалиги (6,16 млн сўм) ҳамда инвестиция ва консалтинг соҳалари (5,44 млн сўм) жой олган. Улар орасида фақат аграр соҳада маошлар пасаймаган.

Энг паст иш ҳақи хавфсизлик соҳасида (1,59 млн сўм) ва суғуртада (2,36 млн сўм) қайд этилди. Маиший хизмат соҳаси ходимлари 2,4 млн сўм, умумий овқатланиш ва меҳмонхона соҳалари ходимлари эса ўртача 2,65 млн сўм иш ҳақи олган. IT соҳасидаги таклифлар эса ўртача 4,35 млн сўмни ташкил этди.

Молия ва бухгалтерия йўналишида маошлар 47,7 фоизга, қурилишда эса 62,5 фоизга пасайган. Шу билан бирга, суғурта, HR ва чакана савдо соҳаларида ишчи кучига талаб ошгани қайд этилган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат бўйича ўртача номинал иш ҳақи 5,98 млн сўмни ташкил этган ва бу ўтган йилга нисбатан 17,2 фоизга кўпдир.