6 октябр куни Ню Йорк товар биржаси (Comex)даги савдоларда олтин нархи тарихий рекорд даражага етди. Декабр ойи фючерслари 1,74 фоизга қимматлашиб, ҳар унция учун 3980,2 долларгача кўтарилди. Бир неча дақиқа ичида максимал нарх 3982 долларгача етди, бу 1,79 фоиз ўсишни англатади.
Шу билан бир вақтда кумуш нархи ҳам ошди — декабр ойидаги етказиб бериш шартномалари 0,32 фоизга қимматлашиб, ҳар унция учун 48,58 доллар даражасида қайд этилди.
Bloomberg агентлиги таҳлилига кўра, 2025 йил давомида олтин нархи деярли 50 фоизга ўсди. Экспертлар бундай рекорд даражадаги ўсишни иқтисодий ва геосиёсий беқарорлик, айниқса, Доналд Трампнинг АҚШ президенти сифатида қайта сайланиши билан боғлашмоқда.
Бозор иштирокчилари фикрича, глобал сиёсий хавотирлар ва геосиёсий зиддиятлар ортган шароитда инвесторлар хавфсиз активлар, жумладан, олтин ва кумуш сари юзланмоқда.
Шунингдек, АҚШда инфляция даражасининг юқорилиги ва Федерал захира тизими сиёсати борасидаги ноаниқлик ҳам қимматбаҳо металлар бозоридаги ўсишга туртки бўлди. Мутахассислар фикрича, агар жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик сақланиб қолса, олтин нархи йил охирига қадар 4000 доллардан ҳам ошиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.