Европа Иттифоқи рублга боғланган A7A5 стейблкоинига санкция жорий этишни режалаштирмоқда

09:21 | 4 дақиқада ўқилади.

Брюссел Европа фуқароларига Россия билан боғлиқ криптотокенлар билан ҳар қандай операцияларни тақиқлашни кўриб чиқмоқда.

A7a5

Bloomberg агентлигининг ёзишича, Европа Иттифоқи рублга боғланган A7A5 стейблкоинига қарши янги санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда. Ҳужжатларга кўра, Брюссел европаликларнинг Россия билан боғлиқ криптовалюталар бўйича ҳар қандай тўғридан тўғри ёки билвосита иштирокини тақиқлаш ниятида.

A7A5 — Россияда биринчи бўлиб «рақамли молиявий актив» мақомини олган стейблкоин бўлиб, у сентябрь ойи охирида расман сертификатланган. У рубл билан 1:1 нисбатда боғланган ва 2025 йил феврал ойида Қирғизистонда эмиссия қилинган. Россиялик импорт ва экспортчилар энди уни халқаро тўловлар учун восита сифатида ишлатиши мумкин.

Bloomberg манбаларига кўра, санкциялар нафақат A7A5 токенига, балки Россия, Беларус ва Марказий Осиёдаги бир нечта банкларга ҳам татбиқ этилиши мумкин — улар криптотранзакциялар амалга оширишга имкон бермоқда.

A7A5 токенини Россиядаги ПСБ банки 2024 йил кузида ишга туширган халқаро тўлов платформаси A7 орқали жорий қилган. ПСБ банкнинг ўзи Ғарб санкциялари остида бўлиб, A7 платформаси «А7-агент» компаниясига тегишли. Компанияни Молдова бизнесмени Илан Шор бошқаради — у Молдовада 1 млрд долларлик ўзлаштириш ишида айбдор деб топилиб, 15 йилга ҳукм қилинган ва Россия фуқаролигини олган.

Шорнинг сўзларига кўра, A7 платформаси орқали яратилган A7A5 — дунёдаги илк рубл стейблкоини ҳисобланади. У компаниянинг очиқ ва қонуний фаолият юритишини таъкидлаб, «бу давлат учун фойдали бўлган муқобил тўлов тизими», деб айтган.

Financial Times АҚШ Молиявий жиноятларни назорат қилиш идорасига (OFAC) таяниб ёзишича, 2024 йилда Илан Шор Қирғизистоннинг Keremet Bank билан «санкцияларни четлаб ўтиш маркази» яратиш бўйича музокаралар олиб борган. Январ ойида мазкур банкка АҚШ санкциялари жорий этилган.

A7 компанияси эса санкциялар фаолиятига таъсир қилмаслигини билдирди. «Барча трансчегаравий тўлов хизматлари мижозлар учун ўзгаришсиз ва чекловсиз ишламоқда», — дейилган уларнинг баёнотида.

Бу вақтда Кремл вакиллари Россия иқтисодиёти «санкцияларнинг улкан босими»га қарамай фаолият юритишда давом этаётганини ва уларга нисбатан «муайян иммунитет» ҳосил қилганини таъкидлашмоқда.