Садир Жапаров: «Қирғизистонда ўлим жазосини тиклаш ҳақида қарорни халқ қабул қилади»

09:38 | 4 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон президенти 17 ёшли қизнинг ўлдирилиши ортидан жиноятларга қарши курашиш чораси сифатида ўлим жазосини қайта жорий этиш фақат референдум орқали ҳал этилиши мумкинлигини билдирди.

Sadyr japarov 2

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида мамлакатда ўлим жазосини қайта жорий этиш масаласи фақат умумхалқ овоз бериш орқали ҳал қилиниши мумкинлигини таъкидлади. Бу фикрни у 17 ёшли Айсулу М.нинг ўлдирилиши ортидан билдирди.

Президент сўзларига кўра, сўнгги йилларда Қирғизистонда аёллар ва болаларга қарши жиноятлар, жумладан, зўравонлик ва қотиллик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. Унинг фикрича, жазо чораларини кучайтириш бу тенденцияни тўхтатиши мумкин.

«Ҳозир маҳкумлар қамоқдан қўрқмай қўйишди — турма шароити енгиллашган. Уларга бепул овқат, кийим-кечак, маошли иш берилади, айримлари ҳатто оилаларига пул жўнатади. Шу боис, агар ўлим жазоси жорий этилса, жиноятлар сони кескин камаяди», — деди Жапаровнинг сўзларини келтирмоқда Kaktus.media.

Президент суд хатоларининг олдини олиш учун замонавий механизмларни жорий этишни таклиф этди — тергов жараёнларини видеога олиш, суд мажлисларини онлайн эфирда кўрсатиш ва жабрланувчи ҳамда айбланувчи яқинларининг иштирокини таъминлашни таклиф қилди.

Шу билан бирга, у коррупцияни ўлим жазоси доирасига киритишга қарши чиқди. «Бу фақат болалар ва аёлларга нисбатан қотиллик ва зўрлаш ҳолатларига тааллуқли бўлиши керак. Коррупцияни бу ерга аралаштириш хато — айбсизлар жазога тортилиб қолиши мумкин», — деди у.

Жапаров сўзларига кўра, мамлакатда юқори даражадаги коррупция деярли тугатилган, аммо маҳаллий даражада — аким, шаҳар ҳокимлари ва айил ҳукумати даражасида муаммолар ҳали ҳам мавжуд. Президент айни пайтда ҳар бир минтақада маблағларнинг сарфи ва ўғрилик ҳолатларини ўрганаётган комиссиялар ишлаётганини маълум қилди.

Шунингдек, у Конституцияда ўлим жазоси тақиқланганини, аммо бу норма фақат кенг жамоат муҳокамаси, Конституциявий суд хулосаси ва референдум орқали ўзгартирилиши мумкинлигини эслатди. «Агар кўпчилик фуқаролар қўллаб-қувватласа, кейинги парламент халқаро шартномалардан чиқиш ва тегишли қонунларни қабул қилиш билан шуғулланади», — деди у.

«Бугунги асосий вазифамиз — аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлашдир», — дея хулоса қилди Садир Жапаров.