Жўрабек Мирзамаҳмудов: «Қамбар-Oта ГЭС–1 лойиҳаси 4,2 миллиард долларга баҳоланди»

11:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, Қамбар-Oта ГЕС-1 лойиҳасининг қиймати 4,2 млрд долларга баҳоланмоқда, 5,6 млрд долларлик молиявий портфел шакллантирилган.

Ges

Қирғизистон ҳудудида барпо этиладиган Қамбар-Oта ГЭС–1 қурилиши лойиҳасининг умумий қиймати 4,2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, лойиҳа бўйича сентябр ойида Брюсселда ўтказилган йиғилишда Жаҳон банки, ЕТТБ, ЯИБ, ОИИБ, ОТБ, ОПЕК жамғармаси ҳамда Италия молия институтлари иштирок этган ва қурилишни молиялаштиришга катта қизиқиш билдирган. Вазир таъкидлаганидек, ҳужжатлар тўлиқ тайёр бўлмасдан туриб ҳам лойиҳа халқаро молия институтларининг диққат марказида турибди.

«Олдин бундай лойиҳаларни муҳокама қилиш уёғда турсин, гапириш ҳам мумкин эмасди. Бугун эса ташкил этилаётган мулоқотларни халқаро молия институтлари ҳам юқори даражада баҳоламоқда. Улар Ўзбекистон президентининг роли юқори эканлигини эътироф этди. Давлат раҳбари қўшни мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорликни устувор вазифа сифатида белгиламаганда ва лойиҳада иштирок этиш ташаббусини билдирмаганда ҳозирги натижага эришмаган — донорларнинг рўйхати шаклланмаган бўларди», — деди вазир.

Қамбар-Oта ГЭС–1 халқаро экспертлар томонидан экологик, хавфсизлик ва иқтисодий мезонлар асосида ишлаб чиқилади. Лойиҳа миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Унинг молиявий портфели 5,6 миллиард долларни ташкил этади.

Ҳукуматлар орасида келишув ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокида қўшма корхона ташкил этилади. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг улуши 33 фоиздан, Қирғизистонники эса 34 фоизни ташкил қилади. Лойиҳа тижорат тамойилларига асосланган бўлиб, ҳар бир мамлакат ўз улуши доирасида электр энергиясини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, Қамбарота ГЭС–1 «яшил энергия» салоҳиятини ошириш билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини яратади. Вазирнинг сўзларига кўра, ёзги мавсумда қўшимча сув манбаларини етказиб бериш имконияти ҳам пайдо бўлади.