Италия ва АҚШ ўртасида «макарон уруши» бошланди

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Италия макаронига 90 фоиздан ортиқ бож жорий этди. Рим бу қарордан қаттиқ норози бўлиб, ЕИ билан ҳамкорликда жавоб чораларини муҳокама қилмоқда.

Makaron

Италия ҳукумати АҚШ томонидан мамлакат макарон маҳсулотларига қўшимча антидемпинг божи жорий этилганидан жиддий ташвиш билдирди. Бу ҳақда Италия Ташқи ишлар вазирлиги расман маълум қилди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, янги тарифлар туфайли АҚШ бозорида Италия макарони нархи деярли икки баробарга қимматлашади. Шу сабабли Рим ҳозирда Вашингтонга таъсир кўрсатиш мақсадида Европа комиссияси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

АҚШ Савдо вазирлиги эса бу чорани тергов натижалари билан изоҳлади. Маълум қилинишича, Италиянинг икки йирик ишлаб чиқарувчиси Америка бозорида маҳсулотни сунъий равишда арзон нархларда сотгани аниқланган. Янги бож италия макаронининг нархини 91,74 фоизга оширади.

29 сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп импорт қилинадиган кино маҳсулотларига ҳам 100 фоизлик бож жорий қилиш нияти борлигини айтди. Шунингдек, июл ойида у 60 дан ортиқ давлат товарларига 15 фоиздан 41 фоизгача бўлган тарифларни жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.

Трамп 2025 йилнинг апрель ойидан бошлаб кўплаб мамлакатлар экспортига юқори бож ставкалари қўллай бошлади. Айрим давлатлар — жумладан, Буюк Британия, Япония, Вьетнам ва Европа Иттифоқи билан тарифларни қисман пасайтириш бўйича келишувларга эришилган бўлса-да, автомобилсозлик ва пўлат саноати каби соҳаларда юқори божлар ҳали ҳам амал қилмоқда. Бу эса АҚШнинг ташқи савдо божларини сўнгги 90 йилдаги энг юқори даражага чиқарди.