Ҳарбий салоҳият ҳар доим мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий қудратини ифода этувчи асосий мезонлардан бири бўлиб келган. Қурол-яроғ, молиявий имкониятлар ва технологиявий устунлик мамлакатнинг халқаро нуфузини белгилаб беради. Global Firepower Index 2025 йилда дунёдаги энг кучли армиялар рўйхатини эълон қилди.
Биринчи ўринни АҚШ эгаллади — унинг мудофаа бюджети қарийб 900 миллиард доллар бўлиб, 2,1 миллиондан ортиқ ҳарбий хизматчига эга. Мамлакат 11 та атом авиаташувчиси, 750 дан зиёд хорижий база ва илғор ҳарбий технологиялар билан ажралиб туради.
Россия армияси ядровий арсенали ва катта жанговар тажрибаси билан дунёда иккинчи ўринда. 126 миллиард долларлик мудофаа бюджети ва 3,5 миллион киши хизмат қиладиган қуролли кучлар мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини таъминлайди.
Хитой армияси сўнгги йилларда тез модернизация қилинди. 267 миллиард долларлик бюджет ва 3,1 миллиондан ортиқ хизматчи билан у дунёдаги энг катта денгиз флотига эга. Мамлакат сунъий интеллект, кибер ва космик технологияларга фаол сармоя йўналтираётгани билан ажралиб туради.
Тўртинчи ўринда Ҳиндистон жойлашди — унинг мудофаа бюджети 75 миллиард доллар бўлиб, 5 миллиондан зиёд ҳарбий хизматчини ўз ичига олади. Мамлакат ядровий қуролга эга бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқариш дастурларига алоҳида эътибор қаратади.
Япония ва Жанубий Корея илғор технологиялар, ракеталарга қарши мудофаа тизимлари ҳамда замонавий ҳарбий техникаси билан Осиёда етакчилик қилмоқда. Туркия ва Италия эса НАТОдаги ролини мустаҳкамлаб, минтақавий хавфсизликда муҳим ўринни эгаллаб турибди.
Буюк Британия ва Франция ҳам ўз ядровий салоҳияти, авиаташувчи кемалари ва халқаро операциялардаги иштироки билан глобал ҳарбий кучлар қаторида қолмоқда.
Global Firepower’нинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ўнта давлат ҳарбий бюджет, жонли куч, қурол-яроғ захираси, ядровий имконият ва технологиявий устунлиги билан 2025 йилдаги дунё тартибида ҳал қилувчи ўрин тутади.