Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш тизимини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларни камайтириш мақсадида 2025 йил октябрида 200 та янги электробус, 2026 йилда 1000 та янги автобус олиб келинади. Бу ҳақда транспорт вазири сенатор сўровига йўллаган расмий жавобида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри атрофи ёндош ҳудудларини шаҳар автобус йўналишлари билан қамраб олиш бўйича режалар доирасида октябр ойида 200 дона янги электробус (12 метрли) харид қилинади. Шунингдек, қўшимча 4 та янги автобус йўналиши ташкил этилади, 6 та йўналиш қатнов йўли ўзгартирилади ва 4 та йўналиш жадваллари сони оширилади.
2026 йилда олиб келинадиган 1000 та янги транспорт воситаларининг 30 таси ўта катта, 500 таси катта, 470 таси эса ўрта сиғимли автобуслардан иборат бўлади. Улар 48 та йўналишда брутто-шартнома асосида ҳаракатга чиқарилиши режалаштирилган. Тошкент шаҳрига келиши кутилаётган автобуслар ва электробуслар учун 3 та замонавий автосаройни йўналишлар кесимида нолинчи масофага яқин бўлган (Янги Тошкент) ер майдонларидан ажратиш режалаштирилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, мазкур чоралар натижасида Тошкент шаҳрида жами 2891 та автобус ҳаракатланиб, йўловчилар учун ўртача қатнов вақти 30 дақиқагача қисқаради. Шунингдек, йиллик йўловчи ташиш ҳажми 750 миллион нафарга етиши кутилмоқда.
Бундай ислоҳотлар пойтахтдаги кўп йиллик транспорт муаммоларини енгиллаштиришга қаратилган. Чунки ҳозирда Тошкентда тирбандликлар тобора кучайиб, айниқса, ўқув йили бошланиши билан 10 балли даражадаги тиқилиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 24 сенябрда сенатор Эркин Гадоев тирбандликларни камайтириш, жамоат транспортини ривожлантириш ва аҳоли ҳаракатланишини енгиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳақида атрофлича маълумот сўраб, сенатор сўрови йўллаган эди.