Ўзбекистонда чет элликлар учун махсус солиқ режими жорий этилади

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2026 йилдан хорижликлар мамлакатда турли имтиёзлар асосида махсус солиқ тўловчиси сифатида фаолият юрита олади.

Soliq

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 4 октябр куни имзоланган ПФ–180-сонли фармон билан чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий этиш белгиланди. Ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга киради.

Фармонга мувофиқ, белгиланган шартларга жавоб берадиган хорижлик шахслар Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Бу режим мамлакатга инвестициялар оқимини кучайтириш, малакали мутахассисларни жалб этиш ва ишбилармон муҳитни янада очиқ қилишни мақсад қилади.

Махсус солиқ режимида иштирок этувчи хорижликлар учун қатор талаблар белгиланган. Улар 50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўлаши ва Ўзбекистондаги ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус крипто-биржада крипто-ҳамён очиши лозим.

Шунингдек, кетма-кет 12 ойлик даврда жами 30 календар кундан ортиқ Ўзбекистонда бўлган ва мамлакат ҳудудида турар жой кўчмас мулкига эгалик қилувчи шахслар солиқ резидентлари сифатида эътироф этилади. Бу уларга мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам солиқ масалаларида қўшимча қулайликлар яратиш имконини беради.

Махсус солиқ режими жорий этилиши Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун янада жозибадор ва очиқ иқтисодиётга айланишида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.