Дунё уранининг асосий қисми Марказий Осиёда жойлашган

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Дунё урани тугаётган бир пайтда, Қозоғистон ва Ўзбекистон глобал энергетика хавфсизлигида ҳал қилувчи ўринни эгаллаб бормоқда.

Uran

OECD ҳисоб-китобларига кўра, ер юзидаги уран захиралари 2090-йилга келиб тугайди. Ҳозирги ҳисобда бу захиралар тахминан 8 миллион тоннани ташкил этади. Уран дунё бўйича чекланган мамлакатларда қазиб олинаётганига қарамай, унинг асосий қисми Марказий Осиёда жойлашган.

Статистик маълумотларга кўра, Россия жаҳон уранининг 5 фоизини, Хитой 3 фоизини ишлаб чиқаради. АҚШ эса умуман уран қазиб олмайди ва бутунлай импортга таянади. Шу билан бирга, нисбатан кичик ҳудудга эга бўлган Марказий Осиё бу соҳада етакчига айланди: Қозоғистон дунё уранининг 44 фоизини, Ўзбекистон эса 7 фоизини қазиб олади. Демак, ҳар иккинчи тонна уран айнан минтақамиздан чиқмоқда.

Ҳозирги вақтда қазиб олинаётган ураннинг асосий қисми атом энергетикаси эҳтиёжларига йўналтирилган. Бугун жаҳон бўйича атом станцияларининг 70 фоизи беш давлатда — АҚШ, Франция, Хитой, Россия ва Жанубий Кореяда — жойлашган. Бу давлатлар уранга бўлган талабни янада кучайтираётган асосий бозор ҳисобланади.

Мутаҳассислар фикрича, яқин йилларда уран танқислиги хавфи ортиши муқаррар. Бу ҳолат, табиийки, уран захираларига бой бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятини янада оширади. Минтақадаги уран захиралари учун халқаро рақобат кучайиши кутилмоқда.

Бироқ бир ҳақиқат аниқ: дунё талабига нисбатан Марказий Осиё урани ҳам чекланган. Демак, уран энергетикаси атрофидаги глобал рақобат эндиликда айнан мана шу минтақада жамланиши мумкин.