2025 йил 1 майдан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар бўйича янги божсиз меъёрлар кучга кирди. Вазирлар Маҳкамасининг 19 апрелдаги 244-сон қарорига кўра, ҳаво транспорти орқали — 1000 доллар, темир йўл ва дарё транспортида — 500 доллар, автомобиль ва пиёда ўтиш пунктларида — 300 доллар, халқаро курьерлик жўнатмаларида — 200 доллар, почта орқали эса — 100 доллар лимит белгиланди.
Амалда эса бу чекловлар фуқароларга қўшимча молиявий юк бўлиш билан бирга, бозордаги рақобат муҳитига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш баҳонасида жорий этилган божлар айрим соҳаларда монополияни кучайтираётгани айтилмоқда.
Айниқса, расмий дистрибютори бўлмаган товарларни четдан олиб келувчи фуқаролар 30 фоизлик бож сабаб маҳсулотни қимматлаштиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса истеъмолчилар танловини чеклаб, йирик импортчиларга қулайлик яратади. Натижада нархлар ошиб, товар сифати пасайиши ва кичик тадбиркорлар учун бозорга кириш имконияти тортаётгани кузатилмоқда.
«Юксалиш» ҳаракати бу муаммоларни ҳал этиш учун бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан:
Бож тўловлари ва лимитлар фақат қонун даражасида белгиланиши;
Шахсий ва тижорат импортини аниқ фарқлаш механизмлари жорий этилиши керак;
Нормадан ошган товарлар учун 30 фоизлик юқори тўлов ўрнига прогрессив ва мослашувчан ставкалар қўллаш;
Рақобат кучсиз товарлар импортини енгиллаштириш тавсия этилди.
Ҳаракат, шунингдек, рўйхатга олиш жараёнларини соддалаштириш ва 1-2 дона шахсий қурилма учун UzIMEI орқали бепул рўйхатдан ўтказишни таклиф этмоқда.
Юқори бож тўловлари фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бож сиёсати контрабандага қарши, аммо иқтисодий эркинлик ва адолат тамойилларига асосланган бўлиши зарур.
«Бож – бу солиқ. Солиқлар эса парламент томонидан жорий этилиши керак. Конституцияга кўра, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киради. Яъни қанча, кимдан ва нима учун бож олинишини ижро ҳокимияти эмас, айнан парламент ҳал қилиши керак» — дея мавзуга қўшимча қилди Шуҳрат Латипов.