Фарғона вилоятидаги жиноят иши — 34 ёшли Гулираъно Қосимованинг таҳқирланиши билан боғлиқ ҳолат бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Маълумотга кўра, иш жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилмоқда. Судланувчилар сифатида Фурқат тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган 39 ёшли Акмал Хўжаев ҳамда унинг биринчи ўринбосари бўлган 34 ёшли Жасур Расулов иштирок этмоқда.
Тергов органининг хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари, 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 2-қисми «б» банди, 142-моддаси (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 230-2-моддаси (тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) 1-қисми ва 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда ва унинг якунлари бўйича қўшимча маълумот эълон қилиниши кутилмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ эса ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, жамоатчиликдан суд ҳукми чиқарилмасдан туриб ноўрин хулоса чиқармасликни сўради. Идора маълумотига кўра, тергов ва суд органларига барча асосли материаллар тақдим этилган, натижалар бўйича холис муносабат билдирилади.
Бошқарма, шунингдек, асоссиз ёлғон ахборот тарқатиш учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтди.
Аввалроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур ишни назоратга олгани, Омбудсман эса ҳолатда иштирок этган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилиши лозимлигини таъкидлаган эди.