Ўзбекистонда илмий конференциялар «бюрократик театр»га айланган — олима

18:40 | 5 дақиқада ўқилади.

Ўтказилаётган кўплаб илмий анжуманлар фан ютуқларини муҳокама қилишдан кўра, расмийлик ва шаклбозлик намойишига айланиб бормоқда. Канадада истиқомат қилувчи ўзбек олимаси Дилсора Фозилова бу ҳолатни Ўзбекистон академик муҳитининг чуқур илдиз отган бюрократик инқирози дея баҳолади.

Olima

Ўзбекистондаги илмий анжуманлар сўнгги йилларда фан ва ғоялар мулоқоти майдонидан кўра кўпроқ маросимий шаклдаги тадбирларга айланиб бормоқда. Ҳолат ҳақида фалсафа фанлари бўйича PhD, тадқиқотчи Дилсора Фозилова ўзининг шахсий тажрибаси асосида фикрларини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил 27 сентябр куни Тошкентда ўтказилган «Сивилизациялароро мулоқот: тарихий тажриба ва замонавий халқаро муносабатларда фалсафий ёндашувлар» номли конференция илмий мулоқот учун эмас, балки бюрократик кўргазма учун ташкил этилгани билан ёдда қолган. Тадбирни Тошкент Халқаро молиявий бошқарув ва технологиялар университети ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этган.

Фозилованинг ёзишича, конференция давлат расмийсининг — диний масалалар бўйича маслаҳатчи Музаффар Камиловнинг кечикиши туфайли бир соатдан ортиққа кеч бошланган. Бу ҳолат, унинг фикрича, академик анжуманнинг асосий тамойилларидан бири — интизом ва тенг имконият принципини бузган.

«Олимлар ва тадқиқотчиларнинг тайёргарлиги бир мансабдор шахс ташрифига бўйсундирилиши — бу академиянинг ҳокимият саҳнасида иккинчи даражали ўринга тушганидан дарак беради», — дейди у.

Фозилованинг таъкидлашича, ҳақиқий конференциялар танқидий фикр ва ҳамкорлик учун платформа бўлиши керак. Аммо кўпгина ҳолларда илмий анжуманлар «ҳисобот бериш» ёки «режа бажариш» воситасига айланиб, маросимий нутқлар, расмий сўзлар ва фототадбирлар билан чекланиб қолмоқда.

Тадқиқотчининг фикрича, бундай амалиёт Ўзбекистон олий таълимидаги тизимли муаммони ифода этади. Университетлар ва вазирликлар ташқи кўринишга катта эътибор бериб, мазмун — яъни илмий мулоҳаза ва танқидий фикрни четда қолдирмоқда. Бу эса академик муҳитда ижодий эркинлик ва фикрий мулоқотга тўсиқ бўлмоқда.

«Конференциялар танқидий фикр инкубатори эмас, маросимий машқларга айланди. Бу фақат ташкилий камчилик эмас, балки фаннинг ўзига бўлган муносабат ифодасидир», — дейди Фозилова.

Олимага кўра, олий таълим ривожи учун конференцияларнинг мақсади қайта кўриб чиқилиши лозим: илмий тадқиқотларнинг қиймати рамзий кўринишлардан устун бўлиши, ташкилий жараёнлар эса профессионал стандартларга асосланиши керак.

Фозилова пости якунида шундай хулоса қилади: ҳақиқий академик муҳит давлат расмийлари иштироки билан эмас, балки тадқиқот сифати, очиқ мулоқот ва иштирокчиларга ҳурмат орқали шаклланади. Агар бу ўзгаришлар амалга ошмаса, Ўзбекистондаги илмий конференциялар илм тараққиётининг эмас, балки унинг шаклпараст «театри»нинг давоми бўлиб қолаверади.