2025 йилги физика бўйича Нобел мукофоти АҚШ ва франциялик олимларга берилди

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Жон Кларк, Мишел Девор ва Жон Мартинис квант механикаси соҳасидаги кашфиётлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.

Nobel fizika

Швециянинг Қироллик фанлар академияси 7 октябрь куни 2025 йилги физика бўйича Нобел мукофоти соҳиби бўлган олимларни эълон қилди. Бу йилги мукофот АҚШ ва Францияда фаолият юритаётган Жон Кларк, Мишел Девор ва Жон Мартинисга топширилади. Улар «электр занжирида макроскопик квант туннелланиш ва энергиянинг квантланишини кашф этганликлари учун» тақдирланди.

Нобел жамғармаси маълумотига кўра, лауреатлар умумий 11 миллион швед крони (1,18 млн АҚШ доллари) миқдоридаги мукофотни бўлиб олишади. Тақдирлаш маросими анъанага кўра, 10 декабр— Алфред Нобел вафот этган санада Стокҳолм ва Ослода бўлиб ўтади.

Нобел ҳафталигининг жадвалига кўра, 8 октябр куни кимё бўйича, 9 октябр куни адабиёт соҳаси бўйича, 10 октябр куни эса тинчлик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар учун мукофотлар эълон қилинади. 13 октябр куни эса иқтисодиёт бўйича Алфред Нобел хотирасига бағишланган мукофот соҳиби аниқланади.

Аввалроқ физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофоти ғолиблари маълум қилинган эди. Унга америкалик олимлар Мэри Брунков ва Фред Рамсделл ҳамда япониялик Шимон Сакагучи инсон танасини ўз иммун тизимидан ҳимоя қилувчи периферик толерантлик механизмларини тадқиқ этгани учун лойиқ деб топилган эди.