Қиш қандай келади? — иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов прогнозларни маълум қилди
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, бу йилги куз-қиш мавсуми қуруқ ва ёғингарчилик кам бўлади. Йилнинг намлик захираси камайган, деҳқончилик ерларида сув танқислиги сезилмоқда. Октябрда ёғин миқдори меъёрнинг 50–80 фоизигача бўлиши кутиляпти, бу эса қишлоқ хўжалиги учун хавфли ҳолат.
Абдулаҳатов Тинч океанидаги “Ла-Ниня” ҳодисаси туфайли келаётган қиш ҳам қурғоқ бўлиши мумкинлигини билдирди. Феврал–март ойларида қисқа муддатли совуқ қайтиши эҳтимоли бор. Унинг таъкидлашича, 2026 йил қишлоқ хўжалиги учун синовли йил бўлиши мумкин.
«Ўзгидромет» маълумотига кўра, октябрда ҳаво ҳарорати сентябрга нисбатан 6–9 даражага пасайиши мумкин.
Фурқат тумани ИИБ собиқ раҳбарлари устидан жиноят иши судда кўрилмоқда
Фарғона вилоятида 34 ёшли Гулираъно Қосимова таҳқирланиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд жараёни бошланди. Иш жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилмоқда. Судланувчилар — Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расулов.
Улар шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, шаънини камситиш, турар жой дахлсизлигини бузиш ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш моддалари бўйича айбланмоқда.
Фарғона вилояти ИИБ жамоатчиликдан суд ҳукми чиқарилмасдан туриб хулоса қилмасликни сўраб, тергов ва суд органларига барча материаллар тақдим этилганини маълум қилди.
Сенатнинг хавфсизлик қўмитаси ишни назоратга олган, Омбудсман эса барча иштирокчиларнинг қилмиши холисона ўрганилиши лозимлигини таъкидлаган.
Доллар арзонлашиши натижасида Тошкентда ижара нархлари қимматлади
Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институтининг сентябр ойи таҳлилига кўра, АҚШ долларининг сўмга нисбатан арзонлашиши ва талабнинг ортиши Тошкентда уй-жой ижараси нархларининг кўтарилишига сабаб бўлди.
Мутахассислар таъкидлашича, сўмнинг мустаҳкамланиши натижасида айниқса, долларда ифодаланган ижара нархлари орта бошлаган. Шу билан бирга, лизинг берувчиларнинг бозордаги кутилмалар ва талаб ўсиши фонида нархларни ошириши ижара бозорида қўшимча босим яратган.
Сентябр ойида таъмирланган уйлар учун ўртача ижара нархи
1 хонали уй 16 долларга қимматлади – ойига (318 доллардан → 334 долларга)
2 хонали уй 18 долларга қимматлади – ойига (394 доллардан → 412 долларга)
3 хонали уй 20 долларга қимматлади – ойига (477 доллардан → 502 долларга)
4 хонали уй 19 долларга қимматлади – ойига (537 доллардан → 556 долларга)
Энг арзон ижара нархлари Сергели ва Учтепа туманларида қайд этилган. Энг қиммат уйлар Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида жойлашган.
Ўзбекистонда чет элликлар учун махсус солиқ режими жорий этилади
Президент фармонига кўра, белгиланган шартларга жавоб берадиган хорижлик шахслар Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.
Бу режим мамлакатга инвестициялар оқимини кучайтириш, малакали мутахассисларни жалб этиш ва ишбилармон муҳитни янада очиқ қилишни мақсад қилади.
Махсус солиқ режимида иштирок этувчи хорижликлар учун қатор талаблар белгиланган. Улар 50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўлаши ва Ўзбекистондаги ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус крипто-биржада крипто-ҳамён очиши лозим.
Шунингдек, кетма-кет 12 ойлик даврда жами 30 календар кундан ортиқ Ўзбекистонда бўлган ва мамлакат ҳудудида турар жой кўчмас мулкига эгалик қилувчи шахслар солиқ резидентлари сифатида эътироф этилади. Бу уларга мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам солиқ масалаларида қўшимча қулайликлар яратиш имконини беради.
Осиё футбол конфедерацияси ЎФАни 340 минг доллар жаримага тортди
Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) тартиб-интизом қўмитаси 2–3 октябр кунлари қабул қилган қарорга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 340 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
Маълумотларга кўра, жарима 10 июн куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қатар учрашувида қатор қоидалар бузилгани учун қўлланилган. Асосий сабаб сифатида ўйин тугагач, майдонга футболчилар учун мукофот сифатида BYD русумидаги автомобиллар олиб кирилгани кўрсатилган.
ОФК регламентига кўра, ҳар бир мезбон мамлакат стадион ичида ва атрофида фақат конфедерациянинг расмий ҳомийлари логотипларини намоён этиши мумкин. Бошқа тижорий брендларнинг реклама материаллари ёки маҳсулотларини майдон ҳудудига киритиш қатъиян ман этилади.
Шу қоидага амал қилинмагани учун ЎФА’га йирик миқдорда жарима солинди. Мутахассислар таъкидлашича, агар ўша куни футболчиларга фақат калитлар топширилганида, ушбу маблағни йўқотиш эҳтимоли бўлмас эди.