Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида кенг кўламли рақамлаштиришни жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжат давлат бошқарувини рақамли форматга ўтказиш, маъмурий харажатларни қисқартириш ва самарадорликни оширишга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, республика миқёсида 2141 нафар давлат хизматчиси қисқартирилади. Бу жараёнда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш ҳамда ишсиз қолган ходимларни янги иш ўринларига жойлаштириш белгиланди.
Қисқартириш энг кўп Сув хўжалиги вазирлигида — 224 нафар, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида — 218 нафар, Адлия вазирлигида — 197 нафар, Экология ва иқлим ўзгариши вазирлигида — 176 нафар, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида эса — 163 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасидан 486 нафар, Давлат активларини бошқариш агентлигидан 65 нафар ходим қисқартирилади. Қўмиталар ва агентликларда раҳбар ўринбосарлари сони ҳам сезиларли даражада камаяди — айрим тузилмаларда икки баробаргача.
Натижада давлат бюджети ҳисобига ишлайдиган ходимлар сони 43 минг 300 нафардан ортиққа, бюджетдан ташқари жамғармаларда эса қарийб 3,7 минг нафарга қисқаради.
Масъул идораларга марказий аппарат ва тизим ташкилотларидаги лавозимларни қайта кўриб чиқиш, янги рақамли бошқарув моделини жорий этиш бўйича комиссиялар тузиш вазифаси юклатилган.
Бандлик вазирлиги касаба уюшмалари билан ҳамкорликда қисқартирилган ходимларни ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатдаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозими бекор қилиниб, унинг ўрнида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.