Душанбеда электр самокат ва скутерлар тақиқланди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Шаҳар ҳокимияти 2030 йилгача электр самокат ва скутерларда йўл ҳамда тротуарларда ҳаракатланишни тақиқлаб, фақат махсус ҳудудларда фойдаланишга рухсат берди.

Samokat

Тожикистон пойтахти ҳудудида электр самокатлар, электрон скутерлар ва бошқа шахсий электр транспорт воситаларида ҳаракатланиш 2030 йилгача тақиқланди. Бу ҳақда Душанбе шаҳар халқ депутатлари мажлисида қарор қилинди. Чеклов йўллар, тротуарлар ва пиёдалар ўтиш жойларига тааллуқли бўлиб, фақат махсус ажратилган ҳудудларда ҳаракатланишга рухсат берилади.

Қарор Тожикистон пойтахтида бу турдаги транспорт воситалари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайиши фонида қабул қилинди. Душанбеда электр самокатлар ва скутерлар иштирокида 2025 йил бошидан буён 26 та ЙТҲ содир бўлган, уч киши ҳалок бўлган, яна 24 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.

Душанбе Ички ишлар вазирлиги бошқармаси маълумотига кўра, тақиқ самокат ва скутерлардан тартибсиз фойдаланишни чеклаш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл ҳаракатидаги оқимни барқарорлаштиришга қаратилган.

Маълумот учун, 2024 йил декабр ойида Тожикистон ҳукумати электр скутер ва самокатларни давлат рўйхатидан ўтказишни мажбурий этиб белгилаган эди. Энди фақат расмий рўйхатдан ўтган транспорт воситалари учун махсус йўлакларда ҳаракатланиш имкони сақланиб қолади.

Мутахассислар фикрича, чекловлар шаҳар хавфсизлиги ва йўл ҳаракати маданиятини оширишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам 2025 йил 1 октябрдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш ва «A» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб қилинади.