Душанбеда Россия ва Марказий Осиё раҳбарлари иштирокида қатор саммитлар ўтади

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

8–10 октябр кунлари Душанбеда Владимир Путиннинг давлат ташрифи ҳамда «Марказий Осиё – Россия» саммити ва МДҲ давлат раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтади.

Putin i rahmon

8–10 октябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда бир қатор муҳим халқаро тадбирлар бўлиб ўтади. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, улар қаторида Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи, «Марказий Осиё – Россия» саммити ҳамда МДҲ давлат раҳбарлари йиғилиши бор. Тадбирлар доирасида мамлакатлар ўртасида янги келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

8–9 октябрь кунлари Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Тожикистонга келади. Унинг ташрифи доирасида томонлама музокаралар ва бир қатор давлатлараро ҳамда ҳукуматлараро ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган. Ташриф якунида Тожикистон ва Россия раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.

9 октябрь куни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Россия президентлари иштирокида «Марказий Осиё – Россия» саммити бўлиб ўтади. Йиғилишда терроризм, экстремизм ва ноқонуний наркотик айланмасига қарши кураш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Саммит якунида якуний коммюнике ва Ҳамкорлик режаси қабул қилиниши кутилмоқда.

10 октябр куни Душанбеда Президент Эмомали Раҳмон раислигида МДҲ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтади. Унда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус раҳбари Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Токаев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов, Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Йиғилишда сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади. Шунингдек, 9 октябр куни Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин раислигида МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши ҳам бўлиб ўтади. Унда саммитга тайёргарлик ва минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.