ИИВ Жамоатчилик кенгаши йиғилишида сўзга чиққан собиқ ички ишлар вазири, айни дамда вазир Азиз Тошпўлатовнинг маслаҳатчиси Зокиржон Алматов Фарғона вилояти Фурқат тумани ИИБ бошлиғининг мактаб директорини таҳқирлагани бўйича ўз муносабатини билдирди ва ички ишлар тизимидаги бундай хатти-ҳаракатларни қоралаб чиқиш қилди.
«Жаҳлни жиловлаш нималигини билиш керак. Бундай ўта кетган ваҳшийликка бориш, бу унинг раҳбарининг қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолгани натижаси, деб ўйлайман. Нега десангиз, қандай бўлган шароитда ҳам Ички ишлар идорасининг ходими ўзини ушлашни билиши керак. Биз, бунақа ўзидан кетиб қолган раҳбарларни асло кечирмаймиз.
Ҳар бир бўлган йиғилишда вазир, вазирлик раҳбарияти, вилоят Ички ишлар бошқармасининг бошлиқлари шу нарсани талаб қилади. «Жаҳлингга эрк берма, жаҳлингни жиловла. Одамларни олдин эшит яхшилаб», дейилади. Қўл кўтарсанг, бошқа нарса қилсанг, бизга жаҳл қилиб, ўзини осиб қўйганлар ҳам бўлган», — деди Зокиржон Алматов.
З.Алматов тизимда ишлаётган ёшларга хитобан мурожаат қилди.
«Йигитлар, қизларимиз, эшитинглар, инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат деган нарса ҳаммаси маънавиятимизда бўлиши шарт. Сиз билан биз фақат қамаш учун яратилмаганмиз. Тарбиялаш масаласи, инсонларга ғамхўрлик қилиш, уларга ёрдам бериш учун ички ишлар идоралари ходимлари бор. Шу нарса ҳеч қачон эсимиздан чиқмасин», деди у.
З.Алматовга кўра «одам» бўлмайдиганларга яраша қонун бўйича жазосини берилиши шарт. Тизимимизда ана шундай турли одамлар ишлаб келган ва ҳозир ҳам битта-яримта учраб турибди.