Қозоғистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар жазони ўташ муддати тугашидан олти ой олдин кимёвий кастрация қилинади. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Мажбурий тиббий чора қўллаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа киритилган ўзгартиришларда белгиланди.
Ҳужжатга кўра, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти маҳкумнинг муддати тугамасидан камида бир йил олдин судга ҳужжат юбориши лозим. Шу асосда шахснинг руҳий ҳолати ва жиноий мойиллигини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизаси тайинланади.
Бундай чора руҳий бузилиши бор, аммо ақли расо деб топилган ва суд қарори билан мажбурий тиббий чора қўлланилган шахсларга тааллуқли эмас. Буйруқ расман эълон қилинганидан ўн кун ўтиб кучга киради.
Маълумот учун, Қозоғистонда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар сонининг кескин ошиши ортидан 2018 йилдан бошлаб педофилларга нисбатан кимёвий кастрация чораларини қонуний равишда қўллаш имконияти жорий этилган эди. Ушбу процедура фақат суд ҳукми билан суд-психиатрия экспертизаси жиноят содир этишга мойилликни тасдиқлаган шахсларга нисбатан амалга оширилади.
2024 йил февралда парламент депутатлари болаларга зўрлик ишлатган жиноятчиларни жарроҳлик йўли билан ҳам кастрация қилиш таклифини илгари сурган эди.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 2024 йилда мамлакатда педофилия бўйича 874 та жиноят иши қайд этилган. Умуман олганда, ҳар йили тахминан 900 нафар бола жинсий зўравонликдан жабр кўради.